Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
“Ўз уйингни ўзинг асра”
5 Mar 2018

“Ўз уйингни ўзинг асра”

5 март куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятин  мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши биносида “Ўз уйингни ўзинг асра” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Унда Республика маҳаллалар кенгаши, Нуроний жамғармаси, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари, мол-мулк суғуртаси билан шуғулланувчи суғурта ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Ёнғинларнинг 80-85 фоизи аҳоли яшаш уйларида содир бўлмоқда.  Амалиётлар шуни кўрсатаяптики, асосий ҳалокатлар ва тан жароҳатлари газ қурилмалари, электр мосламалари ва иситиш ускуналаридан хавфсизлик қоидаларига риоя этмасдан фойдаланиш, носоз ва қўлбола маиший техника воситаларини ишлатиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб ҳушёрликни йўқотиш оқибатида содир бўлмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, профилактика инспекторлари, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари, маҳалла посбонлари, кўчабоши ва уйбошилар томонидан мутасадди идора вакиллари билан биргаликда хонадонларда, ўқув муассасаларида, ташкилот ва идораларда “Ўз уйингни ўзинг асра” шиори остида бу борадаги ишларни кучайтиришга диққат қаратилмоқда.

“Тилсиз ёв” ва бошқа табиий офатлардан азият чеккан, мол-мулкига жиддий зиён етган, турар-жойидан батамом айрилиб қолган шахсларга “Маҳалла” фонди томонидан имкон қадар моддий кўмак бериб борилмоқда. 2017 йилда бу борада республика миқёсида 251 нафар шахсга 140 миллион сўмлик маблағ ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўтган икки ойида бу рақам 20 миллион сўмдан ошди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 63 нафар шахсга 30 миллион сўм ажратилди. 2017 йилда тизимли ишлар натижасида пойтахтимиздаги 505 та маҳалланинг 487 тасида ёнғинлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Минг афсуски, 15 феврал куни Шайхонтоҳур тумани “Боғ” маҳалласи “Боғ” кўчаси 29/22 хонадонда ёнғин оқибатида 7 нафар инсоннинг фожеали нобуд бўлиши барчамизни қайғуга солди. Воқеада омон қолган Одилов Шаҳобиддин ва унинг турмуш ўртоғи Одилова Муяссарга аввало давлатимиз, шу билан бирга маҳалла-куй, Кенгашнинг Тошкент шаҳар бошқаруви томонидан маънавий ва моддий кўмак кўрсатилганига қарамай, йўқотилганлар ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди.

Бу каби салбий ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун Маҳаллалар кенгаши Республика бошқаруви ва унинг ҳудудий, туман ва шаҳар кенгашлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларидан масъулиятни янада ошириш, тегишли ташкилотлар билан профилактик-тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш талаб қилинмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар, баъзи маҳаллаларда ҳаттоки ёнғин хавфсизлиги хизмати ўт ўчириш машиналари тезкор ёрдам кўрсатиш, ёнғинни бартараф этиш учун объектга келганда кўча ва йўлаклар торлиги, эркин ҳаракат қилиш учун имкон бермаслиги, йўлларда ўзбошимчалик билан секин ҳаракатлантириш сунъий тўсиқчаларининг барпо қилинганига гувоҳ бўлинмоқда. Бу эса тегишли хизматлар фаолиятини ўз вақтида ва муваффақиятли амалга оширишга ҳалақит қилмоқда ва талофатлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Бу ҳолатларни олдини олиш учун зарур ташаббус ва аниқ ҳаракатлар қилиш кераклиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пойтахт хавфсизлигини таъминлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар билан маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг якдил ва мувофиқлаштирилган ҳаракатига алоҳида урғу берилган. 

Мажлис қатнашчилари суғурта компаниялари билан ҳамкорликда шахсий хонадонларни бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминлаш, ёш болаларни уйда қаровсиз-назоратсиз қолдирмаслик, ёнғин ва бошқа табиий офатлар вақтида тўғри ҳаракатланишни ўргатиш, уй-жой ва мол-мулкларни суғурта қилдириш долзарб эканлигини таъкидладилар.
Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 126

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech