Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Кўнгилдан қалбларга инган шижоат
29 Dec 2017

МУНОСАБАТ


Кўнгилдан айтилган самимий сўз қалбга ҳеч бир воситасиз етиб боради. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси ана шундай самимий ва халқона руҳга йўғрилгани боис барча ўзбекистонликларнинг дилидан чуқур жой олди.

Халқнинг дилидаги мақсад-муддаолар, оғриқ ва изтироблар халқпарвар Юртбоши тилида тўла-тўкис ўз ифодасини топгани мазкур Мурожаатноманинг тарихий воқелик сифатида юксак баҳоланишига сабаб бўлди.

Бугун юртимизнинг шаҳру кентлари, қишлоғу маҳаллаларида уч-тўрт киши суҳбатлашиб қолса, албатта, мамлакат етакчисининг шахду шижоати, адолат ўрнатиш борасидаги қатъияти, куну тун халқ дарди билан яшаётганидан ғурурланиб сўз очади, қўллаб-қувватлайди.

Дарҳақиқат, ушбу Мурожаатнома сабаб янги йил арафасида юртдошларимиз руҳиятида ана шундай кўтаринкилик юз берди, эртанги кунга ишонч ҳисси юксалди, келгусидаги мақсад ва режалари кўлами янада кенгайди.

Жойларда жамоатчилик назоратининг самарали ташкил этилиши маҳалла институтининг муваффақиятли фаолияти гаровидир. Жамоатчилик назоратини ўрнатиш барча соҳаларда қонун устуворлигини ва ҳудудлар ривожини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ жамоатчилик гуруҳларининг бирор жойда таъсирчан чора-тадбирлар амалга ошириши учун ҳуқуқий механизмлар мавжуд эмаслиги бу борадаги ишлар самарадорлигига жиддий тўсиқ бўлиб келди. Мурожаатномада Президентимиз бу вазият нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бераётгани, шу боис давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш мақсадида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида мамлакатимизда янги туристик йўналишлар очиш, бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги айтилди. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттиришда кенг имкониятлар очишига эътибор қаратилди.

Бизнинг Ангрен шаҳримиз ҳам юртимизнинг табиати сўлим, тоғли ҳудудида жойлашган. Шаҳримизнинг ана шундай жаннатмонанд табиати меҳмонларни ҳайратлантириши, уларга яхши кайфият ва ҳордиқ тақдим эта олиши тайин. Бунинг учун эса ҳудудимизда дам олиш зоналари барпо этиб, туризмни ривожлантириш орқали ҳудуд тараққиётини янада юксалтириш, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилаётир.

«Ангрен» эркин иқтисодий зонасида қатор йирик лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани, инвестиция киритиш эвазига кенгаяётган ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор фаолият юритиши юртимиз иқтисодиёти, шаҳримиз аҳолисининг турмуш фаровонлигида муҳим омилдир.

Президентимиз янги йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берди. Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналиш экани, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар сафини кенгайтиришга жуда катта вазифа сифатида қарашимиз лозимлигини уқтирди. Бу эса йиғинлар қошида фаолият юритаётган «Маслаҳат маркази», Тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияларнинг фаолиятига янгича руҳ ва мазмун бағишлайди. Ушбу тузилмаларнинг фаолиятини тубдан яхшилаш, янада жонлантириш ва амалий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга туртки беради.

Мамлакат раҳбарининг Мурожаатномасидан кейин ўз фаолиятимизни яна бир бор таҳлилий назар ва танқидий нигоҳ билан кўриб чиқдик. Бунда, аввало, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратдик. Шаҳримизнинг 52 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўрганишлар якунига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож 684 та оила мавжудлиги аниқланди. Айни пайтда ушбу оилалардаги меҳнатга лаёқатли фуқаролар рўйхатини шакллантиряпмиз. Улар билан бирма-бир суҳбатлашиб, салоҳиятига қараб, тадбиркорликнинг чорвачилик, иссиқхоначилик, тикувчилик, тўқувчилик каби турларига жалб этиш ниятидамиз. Бу борада биз бандликка кўмаклашиш маркази, «Ҳунарманд» уюшмаси, Савдо-саноат палатасининг шаҳардаги тузилмалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Юртдошларимиз қалбига чуқур кириб борган мазкур Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини теран таҳлил қилиб, маҳаллаларда кенг тарғиб қилмоқдамиз. Муҳокамалар чоғида маҳалла фаоллари Юртбошимизнинг Мурожаатномада куюнчаклик билан билдирган фикрларидан келиб чиққан ҳолда йиғинлар қошидаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини қайтадан таҳлилий кўриб чиқиш ташаббусини илгари суришмоқда. Бир сўз билан айтганда, халқ ноибларига йўлланган Мурожаатнома халққа йўлланган самимий мурожаат сифатида қабул қилинаётир. Муҳими, каттаю кичик юртдошларимиз қалбида юрт тараққиёти, мамлакатимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлида «сув келса симириб, тош келса кемириб» фидойилик кўрсатиш мақсади мустаҳкамланмоқда.

Отабек АНОРОВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ангрен шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.

Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 189

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech