Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Интилиш ва имконият чекланмаган
13 Dec 2017
Оёқ ҳаракатлари, комбинацион ҳужумлар кетма-кетлиги, дарвозабон маҳорати барча-барчаси ўзаро уйғун. Фақат бу майдонда ўзаро мулоқот воситаси овоз, сўз эмас, кўз ва нигоҳларда амалга ошади.

Ҳимоядан узатилган тўпни ким ҳужум чизиғига етказади, ким дарвозага йўллайди — барчаси кўз қарашларда англашилади. Бу маҳоратни тўлиқ ўзлаштирганлар, аслида имконияти чекланган эмас, имконияти чексиз инсонлардир. Улар биздан-да кўпроқ ишларга қодир, иродаси мустаҳкам, ўз кучига ишончи баланд, кўзлаган марраси эса осмонларга бўйлашади.

— Кар ва заиф эшитувчи спортчиларга энг яхши мадад унинг руҳиятини кўтаришдир, — дейди Ўзбекистон карлар спорт федерацияси раиси Дилбар Каримова. — Бугун юртимизда шундай инсонларга таянч бўлиш, уларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш борасида талай ишлар қилинмоқда. Шу йил 1 декабрда Президентимиз имзолаган «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони айни шу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. Фармонда ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароит яратиш, уларнинг жамиятда тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш каби масалаларга эътибор қаратилгани, айниқса, қувонарли. Табиийки, берилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликлар улар ҳаётига нур олиб киради.

Юртимизда спортга меҳр қўйган имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, ўз қобилиятларини намойиш этиши учун ҳам барча шароитлар яратилган. Машғулотларни малакали мураббийлар ўтказишмоқда. Натижада спортчиларимиз турли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишяпти.

Аслида улар эришаётган ютуқлар меҳр-муҳаббат ва руҳий далданинг меваси. Чунончи, Таиланд мезбонлик қилган 18 ёшгача бўлган футзал бўйича эшитиш имконияти чекланганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати (U-18 World Deaf Futsal Championship)да спортчиларимиз мустаҳкам ирода эгаси эканликларини амалда исботлашди. Ҳамюртларимиз Қозоғистон, Индонезия, Таиланд, Қувайт, Россия, Германия, Швеция терма жамоаларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси футзал бўйича эшитиш имконияти чекланганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибига айланди.

— Инсонда бирон лаёқат етишмаса, унда бошқа қобилият яхшироқ ривожланади, — дейди терма жамоа бош мураббийи Мурод Аҳмедов. — Заиф эшитувчилар кўрган нарсасини дарҳол илғаб олади, диққатни бир ерга жамлаб, жисмоний имкониятларидан унумли фойдаланади. Биз мураббийларнинг вазифамиз — ана шу қобилиятни тўғри ривожлантиришдан иборат. Шундагина яхши натижаларга эришишимиз мумкин. Машғулотларда спортчиларни жисмоний машқлар билан тоблаш баробарида уларнинг руҳий оламига яқинроқ бўлишга интиламиз. Бу амалда, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ўз қобиғидан чиқишига, улардаги қўшимча имкониятларнинг намоён бўлишига ёрдам беради. Мураббий ҳамда спортчи ўртасида ишончли алоқа ўрнатилмас экан, бирон натижа қўлга киритилмайди.

Мураббий ҳақ гапни айтди. Мана шундай самимий мулоқот ўрнатилгани боис ҳам юртдошларимиз футзал майдонларида маҳоратини тўлиқ намоён эта олишди.

Чемпионат давомида терма жамоамиз ғалабасига муносиб ҳисса қўшган Жалолиддин Қаршиев Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани «Олий ҳиммат» маҳалласидан. Ёшлигидан одамови, бошқалардан ўзини олиб қочадиган болакайнинг спортга меҳри маҳалласи майдонларида уйғонган.

Отаси Баҳодир Ёрматов фарзандидаги бу ҳолатга бефарқ қарай олмади. 5 ёшга тўлганида унга футбол тўпи совға қилди. Ўшанда севинчи ичига сиғмаган болакай тўпни қучоқлаб тонг оттирганди. Шундан сўнг Жалолиддин футбол ўйинларини диққат билан кузатиб, кўрганларини такрорлай бошлади. Махсус мактаб-интернатида эса унинг футболдаги маҳорати устозлари тилига тушди. Майдондаги дастлабки ўйинини маҳалла чемпионатида бошлаган ёш спортчи аввалига хатоларга йўл қўйди. Аммо кейинги ўйинлар Жалолиддинга катта майдонларда асқатадиган сабоқларни берди. Мана шу тажрибалар жаҳон чемипонатида Ж. Қаршиевга қўл келди. У рақиблар дарвозасини 12 маротаба бехато нишонга олиб, чемпионат тўпурарига айланди. Бу билан у нафақат ота-онаси, маҳалладошлари, балки юртдошларимиз қалбини фахрга тўлдирди.


Манба: С.МАХСУМОВА / Кўришлар: 170

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech