Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Жаҳонда тенгсиз ўзбек полвони
20 Dec 2017

Жорий йилда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтган Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассам¬блеясида Кураш миллий спорт тури илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.

Бу, албатта, миллий курашимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофидир. Полвонларимиз забт этаётган марралар эса ҳамиша қалбимизни фахр¬га тўлдиради.

Кураш бўйича 7 карра Ўзбекистон, 2 карра Осиё ва 3 карра жаҳон чемпиони Давлат Абраев каби юртимиз ёшлари эса миллий спортимиз довруғини жаҳонга ёйишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатнинг курашда бундай муваффақиятга эришишида у улғайган замин, тарбия топган муҳитнинг таъсири катта бўлди. Боиси Қашқадарё воҳаси аслида кураги ерга тегмаган, қатъиятли ва бир сўзли полвонлар юрти. Албатта, бу заминдан етишиб чиқаётган курашчи йигитларнинг чапдастлигию маҳорати полвон аждодларига хос бўлиши шубҳасиз.

Нишон туманидаги «Самарқанд» маҳалласида вояга етган Давлатнинг иродаси, ўзига бўлган ишончи маҳалланинг кураш майдонларида тобланди. Кейинчалик эса устозлар кўр¬сатмаси, тинимсиз машғулотлар бўл¬ғуси чемпионни ҳақиқий курашчиларга хос тарзда тарбиялади.

— Кураш — ўзбекнинг ори, ғурури, — дейди қаҳрамонимиз. — Бугун дунёда минглаб спортчилар у билан шуғулланмоқда. Бу биз учун ҳам фахр, ҳам масъулиятдир.

Болалигимда дастлаб маҳаллам, кейин туман ва вилоятимиз шарафини ҳимоя қилдим. Бугун эса халқаро турнирларда она Ватанимиз номидан майдонга туш¬япман. Ҳар гал беллашувларга киришганимда уни оқлаш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Жорий йил 30 ноябрдан 4 декабр¬га қадар Туркиянинг Истамбул шаҳри мезбонлик қилган XI жаҳон чемпионатида Д.Абраев шарафига давлатимиз мадҳияси янгради. У навбатдаги олтин медалини қўлга киритди.

— Давлат ҳам спортчи, ҳам инсон сифатида ёшларга ибрат қилса арзийдиган шогирдларимиздан, — дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Мурод Дўсимбетов. — Унинг ўз устида бетиним ишлаши, тан¬қидлардан тўғри хулоса чиқариши, муҳими, масъулиятни чуқур ҳис этиши муваффақиятларининг бош омилидир.

Жорий йил давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу спорт турини ёшлар орасида янада оммалаштириш, Давлат каби курашчилар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугун камол топаётган авлод спортимизнинг келажаги, эртанги кундаги мавқеини белгиловчи асосий кучдир. Бунда, айниқса, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Маҳалламиз паҳлавонлари» спорт ўйинларининг ўрни катта. Ушбу спорт мусобақалари шаҳару қишлоқлардан етишиб чиқаётган истеъдод эгаларини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда қўл келмоқда.

Қувонарлиси, ушбу спорт ўйинларининг қамрови йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жорий йилги беллашувларда 87 минг нафардан зиёд ёш полвоннинг бел олишгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Кеча мусобақаларда маҳорат оширган спортчиларнинг аксарияти бугун халқаро ареналарда муносиб иштирок этаётгани эса қувонарли. Дарвоқе, қаҳрамонимиз ҳам дастлабки муваффақиятларини ана шу мусобақаларда қўлга киритган.

Давлат Абраев айни пайтда кураш бўйича катталар ўртасидаги вилоят терма жамоасининг бош мураббийи сифатида ҳам фаолият олиб боряпти. Спортчимиз 2018 йилда ўтадиган Осиё ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатаётган полвон келгусида спорт мактаби очишни режалаштирган. Бу эса миллий курашнинг келажаги бардавомлигидан далолатдир.


Манба: С.МАХСУМОВА / Кўришлар: 180

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech